ТОЖИКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАОРИФ ВАЗИРЛИГИ

БОШЛАНҒИЧ КАСБ МАЪЛУМОТИ БЎЛИМИ

№68-ҲУНАР-ТЕХНИКА БИЛИМ ЮРТИ

Б.Б. Деҳқонов

Ҳунар-техника билим юртлари учун ўқув қўлланма.

СПИТАМЕН-2010

Маълум-ки, ишлаб чиқариш жараёнининг муваффақиятли бошқарувини раҳбар ўзининг билимлари, хусусан иқтисоднинг объектив қонуниятлари ва уларнинг амалиётдаги таъсири хусусида бўлган малакаси асосида ташкил қилади. Албатта, бу ўринда бошқарувнинг объектив қоидалари ва инсон психологияси таъсири натижасида келиб чиқадиган ташкилий ва психологик принциплар ва қоидалар алоҳида ўрин тутади. Бу мавзу айнан ана шу принциплар ва қоидалар хусусидаги фикру мулоҳизалар ва кўрсатмалар(агар уларни шундай атаб бўлса) асосида тайёрланган.

ТАШКИЛИЙ ҚОИДАЛАР.

Бошқариш вазифаларининг ишлаб чиқариш мақсадларига мувофиқлиги қоидаси.Бу қоиданинг маъноси шундан иборат-ки, бошқарув вазифалари систематик равишда маълум иқтисодий-ижтимоий қонуниятлар, бошқарувнинг маълум амаллари асосида шаклланади ва ўзгариб боради. Бундай шаклланиш ёки ўзгариш ўзича-ўзи эмас, балки ишлаб чиқариш талаблари ва мақсадларига қатъий мувофиқликда амалга ошади. Ўз навбатида ишлаб чиқариш талаблари ва мақсадлари жамиятнинг умумижтимоий ва иқтисодий мақсадларига мувофиқ ҳолда шаклланади, ҳол бу-ки, бу талаблар доимо ўсади ва сифатлироқ бўлиб боради.

Бу мутаносибликлар қуйидагича тасвирланиши мумкин:

Бошқарувда вазифалар одамлар томонидан сунъий равишда тузилмаслиги ёки одамларнинг қулайлиги учун сақлаб қолинмаслиги, ҳар қандай вазифа ишлаб чиқариш жараёнида ўзини оқлаган бўлиши керак. Ишлаб чиқариш жараёнидаги ҳар қандай ўзгариш бошқарув вазифаларида ўз аксини топиши зарур. Акс ҳолда ишлаб чиқаришда кераксиз вазифалар пайдо бўлади ва бу «бўш» вазифалар ишлаб чиқариш жараёнини сустлаштиради ёки маълум маънода заифлаштиради. Бу қоидага риоя қилмаслик психологик нуқтаи назар билан қараганда қуйидагича изоҳланади: раҳбарда бошқарувни ташкил қилиш шаблони пайдо бўлиб қолади ва раҳбар янги талабларни «кўрмай қолади».

Вазифалар устиворлиги қоидаси.Бошқарув аппарати шундай тузилган бўлиши керак-ки, барча зарур бўлган бошқарув амаллари ва вазифалари одам билан таъминланган бўлсин. Вазифалар устиворлиги қоидаси бошқарув системаси таркибида тўлдириш-лар принципи асосида таъмин-ланади. Яъни таркибни шакллантирувчи(раҳбар) вазифа-ларга ҳар бир ишчини унинг камчиликлари ва қобилиятларига кўра таинлайди-ки, натижада ишчилар бир-бирини тўлдириб туради. Бу қоиданинг бузилиши кадрлар танқислигига ёки ортиқчалигига олиб келади.

Итоаткорлик муносабатларининг хизмат кўрсатиш муносабат-лари билан мутаносиблиги қоидаси.Бошқарувни худди ишлаб чиқаришни бошқарув хизматлари билан таъминловчи система сифатида тасаввур қилиш мумкин, шунда мутаносиблик қоидаси қуйидаги кўринишда бўлади: бошқарув хизматлари даражаси қанча баланд бўлса итоаткорлик коэффициенти шу даражада баланд бўлади. Бошқарув хизматларини кўрсатиш даражасининг пастлиги итоаткорлик даражасини пасайтиради. Итоаткорлик коэффициенти бир буйруқ билан бажарилган амалларнинг барча буйруқлар сонига нисбатига тенг бўлган миқдорга нисбатан қўлланиладиган иқтисодий-ижтимоий атамадир.

Инфра- ва интра- вазифаларнинг нисбатини оптималлаштириш қоидаси.Бу қоида ички бошқарувга сарфланаётган куч билан ташқи бошқарув вазифаларига нисбатини кўрсатади. Соғлом бошқарувда бу мутаносиблик 30:70-ни ташкил этади.

Бошқарув структурасининг бошқарув вазифаларига динамик мутаносибликда бўлиши қоидаси.Бу қоидани билиш бошқарувда қайси структура ортиқчалигинги ёки қайси структура етишмаслигини аниқлашни қулайлаштиради.

Потенциал иммитация қоидаси.Бу қоида маълум бир вазифадаги ишчининг бошқа бир вазифадаги ишчининг вазифаларини вақтинча, яъни иккинчиси ишга яроқсиз бўлган вақтда ёки шу вазифа маълум муддатга бўш қолган вақда, бажара олишини таъминловчи қоида бўлиб ишлаб чиқариш жараёнинг тўхтовсизлигини таъминлайди. Бундай иммитацион системани ташкил қилиш учун кўпгина усуллар мавжуд бўлиб улардан бири бу ўриналмаштиришлар усули, яъни бир қанча ўриналмаштиришлар натижа-сида корхона ёки ташкилотда барча бош-қарув аппаратидаги ишчилар бир-бирининг вазифасини ўрганиб чиқади ва исталган вақтда бир-бирининг вазифасини бажариб тура олади. Аммо бу усул анчагина вақт сарфлашни талаб қилади ва бу усулда иммитацион система ташкил қилиш ўнғайсизроқ ҳисобланади. Яна бошқа усул бу малака ошириш курсларидан фойдаланиш, яъни маълум даврда бошқарув аппарати ходимларининг малака ошириш, кадрлар тайёрлаш курсларида иштирокини таъминлаш. Бу усул анча қулайроқ бўлиб, ходим ўзининг ва керак бўлса, бошқа вазифадаги ишчининг ишини назарий ва амалий жиҳатдан тез фурсатда ўрганишини таъминлайди.

Юқорида айтилган ташкилий қоидаларни билиш бошқарувни ташкил қилишнинг барча муаммоларини ҳал қила олмайди, чунки бошқарув бу ўзаро муносабатларнинг маълум бир шаклидир ва бошқарувни йўлга қўйиш учун психологик қоида ва принципларни ҳам ҳисбга олишга тўғри келади.

ПСИХОЛОГИК ҚОИДАЛАР.

Одамларнинг ташқи таъсирларни қабул қила олиши ва уларнинг психологик структурасининг ўзаро мутаносиблиги қоидаси.Бу қоида бошқарувни ташкил қила олишга тўғридан тўғри боғлиқдир. Раҳбар бирор топшириқни бериб, умид қилади-ки, топшириғи айтилган муддатда маълум натижа билан бажарилади. Лекин кўпгина ҳолларда ижро уни қаноатлантирмайди. Қизиғи шунда-ки, топшириқ берувчида ҳам(бу ерда раҳбар), топшириқ олувчида ҳам(бу ерда ишчи), яъни ҳар икки томонда ҳам ўзининг аниқ тушунчалари мавжуд: ишчи бир қанча бахоналарни қалаштириб ташлаши, раҳбарнинг фикри эса ўринсиз бўлиб қолиши мумкин, шу билан бирга ишчининг бахоналари жуда ҳам содда ва аҳамиятсиз бўлиши мумкин. Хўш, гап нимада? Гап шунда-ки, раҳбар топшириқ беришда ишчининг қобилиятларини ҳисобга олмаган, ишчи эса бундай топшириқни кутмаган.

Одамларни шартли равишда икки тоифага бўлиш мумкин: ташқи муҳитга кўникувчиларва ташқи муҳитниўз қобилиятларига кўра ўзгартирувчилар.

Бу қоидани қуйидагича тушуниш мумкин: одамларнинг психологик хусусиятларини билиш ва ўрганиш асосида уларга турлича таъсир ўтказиш керак, буйруқларнинг турли шаклларида, яъни улар кутган шаклда айтилишини таъминлай олиш керак, ҳар бир ишчига шундай муносабатда бўлиш керак-ки, натижада у бор имкониятини ишга солсин.

Одамларнинг бошқа одамларни ноадекват(нотўғри) тасаввур қилиши қоидаси.Бу қоиданинг мазмунини қуйидагича тушуниш керак: бирор одам бошқа одамни унга нисбатан бирор қарор қабул қила олиш даражасида яхши ўргана олмайди, бунга сабаб эса ҳар қандай одамнинг ўз ички оламини «ҳимоя» қилишга интилишидир. Бу ҳимояни етти йўналишда амалга оширилади дейиш мумкин:

Биографик маълумотлар

Шахсий хусусиятлар

Фаолият ва амалиётга ундовчи омиллар

Шахсий алоқалар

Дунёқараш

Юқоридаги «сирларни» очишга уринган одамларга нисбатан бўлган фикрлар

Айтиш мумкин-ки, баъзида одам ўзи ҳақида маълумот бера олмайди, чунки у ўзини билмайди. Одамни ўрганишга масъулиятсиз берилган баҳолар таъсир этиши жуда кўп ҳолларда учрайди. Масалан, ақлли одамни биз то ўзимиз шахсан ҳамсуҳбат бўлгунимизга қадар илгариги масъулиятсизларча берилган баҳо таъсирида саводсиз деб ўйлашимиз мумкин. Бу айтилганларга яна баҳо берувчиларнинг ҳиссиётлари қўшилса баҳо янада нотўғрироқ бўлади.

Ўз-ўзига баҳо беришнинг ноаниқлиги қоидаси.Ҳеч қайси инсон ўзига тўлиқ адекват баҳо бериши мумкин эмас, чунки инсон эмоционал(ҳиссиётли) мавжудотдир. У ўзини яхши кўриши ёки ёмон кўриши мумкин, у ўзининг ички психологик қулайлигини сақлашни хоҳлайди, яъни ўз ғурурини, ўз ҳурмат иззатини, устига устак у ўзидаги бошқалар учун аҳамиятга эга бўлмаган баъзи бир хусусиятларини юқори баҳолаши мумкин. Ва, ниҳоят, у бошқаларнинг ёмон баҳо беришидан чўчийди, шунинг учун истар-истамас ўзининг онгида фақатгина ўзига нисбатан бўлган ҳиссиётларига мувофиқ келадиган баҳоларни сингдиради ва мустаҳкамлаб боради. Бунда у ўзига ҳаққоний баҳо беришга эмас, балки ўзига қулай бўлган баҳони қидиришга интилади. Бундай ҳолларни ҳисобга олмаслик бошқарув функцияларини издан чиқариши, нотўғри қарорлар келтириб чиқариши мумкин.